Муҳим эслатма: Қуйидаги 30 моддада оила ҳаётига тегишли маҳрам масалалар ёритилгани учун, Ислом олимлари ушбу маълумотларни ҳар одамнинг ёлғиз ўқишини тавсия қилганлар!...

ЭРКАКНИНГ АЁЛИ ОЛДИДАГИ ВАЗИФАЛАРИ

 

Эркакнинг аёл олдидаги вазифаларидан Иброҳим Ҳаққи Эрзурумийнинг “Маърифатнома” китобида ёзилган қисмини қуйида айнан келтирмоқчимиз:

 

Эй азиз! Эркак завжаси билан муносабатида ўттиз нарсани бажариши лозим:

 1.            Унга нисбатан ҳар доим чиройли ахлоқли бўлиш керак. [Аллоҳу таоло яхши ахлоқли бўлганларни севади. Ахлоқсизларни севмайди. Бир инсонни ранжитиш ҳаром. Озор ва азоб берадиган одамнинг уйланиши ҳаром бўлади.]

 2.            Унга нисбатан ҳар доим мулойим бўлиш керак. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилдиларки: “Мусулмонларнинг энг яхшиси, энг фойдалиси аёлига нисбатан яхши ва фойдали бўлганидир.”

 3.            Уйга кирганида завжасига салом бериш лозим, [яъни “Ассалому алайкум” деб] ҳол-аҳволини сўраш керак.

4.            Уни танҳода хурсанд кўрганида сочларини силаб, табассум қилиб, қучоқлаб, бўса олсин.

5.            Танҳода хафа ҳолда кўрганида уни севишини, унга қўлидан келганча ёрдам беришини айтиб, аҳволини сўраш керак, ширин сўзлар сўзлаши лозим.

6.            Бажара олмайдиган нарсаларини ҳам ваъда бериб, кўнглини олиш керак. Чунки у уйда ёлғиз, бошқалардан умидсиз ва фақат эрига ўрганган дўсти, ҳамдарди, мазали таомлар тайёрлаб берувчиси, эрининг қувончи, фарзандларининг тарбиячиси ва эҳтиёжларини кетгазувчисидир.

7.            Фарзанд тарбиясида унга ёрдамчи бўлиш лозим. Чунки гўдак онасига кеча-кундуз йиғлаб, тинчлик бермайди. Уни инсофсизча қийнайди. Шундай экан, унга ёрдам берган кишига Аллоҳу таоло ҳам ёрдам беради.

8.            Аёлига ўз юртида одат бўлган либосларнинг энг қимматбаҳосини кийдириш лозим. Уй ичида хоҳлаган чиройли нарсаларини кийдириш керак. Кўчага чиққанида буларни бекитиб, бегоналарга кўрсатмаслиги керак.

9.            Яхши нарсалар едириши керак. Бадавлат бўлса, ҳалол бўлган ҳамма нарсани олиши керак. Унга кенг, қулай ва ислом хонимларига ярашадиган либослар ва нафис таомлар олиб беришни ўзига бурч деб билиши лозим. [Имоми Ғазолий (раҳматуллоҳи таоло алайҳ) “Кимё-и саодат”нинг 141-саҳифасида айтадики: “Аёлининг нафақасини қисиб қўймаслик керак, исроф ҳам қилмаслик лозим. Оиласининг нафақасига берилган пулнинг савоби садақа савобидан ҳам кўп. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) “Ғазо учун сарф этилган, бир қулни озод этиш учун ва уйидагиларнинг нафақасини таъминлаш учун сарфланган олтинларнинг энг устуни ва савоби кўп бўлгани уйининг нафақасига берилган олтин савобидир” деб марҳамат қилганлар. Ибни Сирин (раҳматуллоҳи таоло алайҳ) “Ҳеч бўлмаса ҳафтада бир марта ширинлик олиб бериши керак” демоқда. Оиласининг нафақасини таъминлашга ожиз бўлган кишининг уйланиши ҳаром бўлади. Овқатни ёлғиз емаслик лозим. Аёли ва фарзандлари билан бирга ейиш савобдир. Энг муҳими нафақани ҳалолдан топиб, ҳалолдан едириб-ичиришдир.”]

10.         Завжасига қўл кўтармаслик керак. “Дурр-ул мухтор” учинчи жилд 188-саҳифадаги айблардан бирини ишласа уни таъзирлаши, одобга чақириши жоиз бўлса ҳам, вожиб эмас.

[Баъзи кишилар Нисо сураси 33-оятида аёлларни уриш амр этилган дейишади. Ҳолбуки ушбу ояти каримада маолан “Эркаклар аёлларга ҳокимдир. Чунки Аллоҳу таоло баъзи қулларини баъзиларидан устун қилиб яратган. Эркаклар ўз молларини улар учун сарфлайдилар. Аёлларнинг яхшилари Аллоҳу таолога итоат қилади ва эрининг ҳақига риоя қилади. Эрлари йўқ пайтида уларнинг номусларини ва молларини Аллоҳнинг ёрдами билан муҳофаза қиладилар. Хиёнат қилишидан андиша қилган аёлларингга эр ҳақларини тушунтиринг ва ширин сўзлар билан насиҳат қилинг! Улар билан бирга ётманг. Шунда ҳам йўлга тушмаса, енгилгина уринг. Йўлга тушса, уларни ранжитадиган иш қилманг!” деб буюрилган. Кўриниб турибдики, молига ва номусига хиёнат қилмаган аёлларни уриш у ёқда турсин, ҳатто уларни ранжитиш ҳам жоиз эмас. Хиёнат қилганларни эса қўлини мушт қилмасдан шапалоқ билан ёки тугун қилиб тугилмаган рўмолча билан енгилгина уришга изн берилган. Номусга ва молга хиёнат қилган одамларга нафақат эр, балки ҳар қандай ҳукумат, ҳар бир қонун ҳам оғир жазолар бермоқда. Исломият аёлларга жуда қиймат бергани, жуда ачингани учун хиёнат қилганларини қонун панжасига тушмасидан аввал енгил уриш билан ислоҳ этишни ҳам тажриба қилиб кўришни амр этмоқда.

Бир ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Бир эркак аёлини урадиган бўлса, қиёматда мен унинг даъвочиси бўламан.” Дунёлик камчиликлари учун уриш у ёқда турсин, ҳатто аччиқ, дағал сўзламаслик керак.

Аёлларнинг қалблари нозик ва ҳис-туйғуга берилувчан бўлганлигидан бир-бирига ҳасад қиладиганлари кўп. Шу томондан янги уйланганлар диққатли бўлиши лозим. Онаси, опа-сингилларининг аёлини турткилашига, камситишига, ёмонлашига имкон бермаслиги керак. Бундай сўзларга алданиб, аёлини ранжитишдан эҳтиёт бўлиши лозим.

Онаси ва опа-сингиллари ҳақида аёлининг сўзларига ҳам ҳушёр бўлиши керак. Онасига азият берилишига ҳеч қачон кўз юммаслик лозим. Онасига ўзи, аёли ва фарзандлари ҳурмат кўрсатиши керак. Ота-онага, қайнота ва қайнонага ҳурмат кўрсатиш, хизмат қилиш биринчи вазифаси бўлиши керак. Катталарнинг розилигини, дуосини олишга ҳаракат қилиш лозим, хайрли дуоларини катта неъмат деб билиш лозим.]

11.         Аллоҳу таолонинг амрларини бажаришдаги камчиликлари учун бир кундан ортиқ араз қилмаслик керак.

12.         Аёлининг инжиқлик, хархашаларини мулойимлик билан қарши олиш керак. Чунки аёллар эгри қовурға суягидан яратилган. Ақллари ва динлари эркакларникидан кам бўлади. Эркакка омонат қилиб берилган. Ҳушмуомала ва ҳуш суҳбат билан тинч-тотув яшаш учун олинган.

[Ақли бўлган эр-хотин бир-бирини ранжитмайди. Турмуш ўртоғини ранжитиш, хафа қилиш аҳмоқлик аломатидир. Золим, ахлоқсиз кишининг турмуш ўртоғи доимий хафагарчиликдан асаби бузилади. Асаб касалига йўлиқади. Асаб бузилганидан кейин турли хасталиклар пайдо бўлади. Турмуш ўртоғи касал бўлган киши эса, хароб бўлади. Дунё саодати ниҳоясига етган бўлади. Турмуш ўртоғининг хизматидан, ёрдамларидан маҳрум қолади. Умри унинг дардларини тинглаш билан, унга доктор излаш билан, ўрганмаган хизматларини қилиш билан ўтади. Бутун бу фалокатларга эса, ўзининг инжиқлиги сабаб бўлган. Энди пешонасига уришнинг, афсус ва пушаймоннинг фойдаси йўқ. Шундай экан, эй мусулмон, турмуш ўртоғингга қиладиган хархашаларингнинг, озорларингнинг зарари ўзингга ҳам тегишини унутма! Унга нисбатан очиқ чеҳрали, ширин сўзли бўлишга ҳаракат қил! Бунга муваффақ бўла олсанг, роҳат ва ҳузур қилиб яшайсан ҳамда Раббингнинг розилигига ҳам эришасан!]

13.         Завжасининг ахлоқида бир камчилик кўрса, қабоҳатни ўзидан излаб “Мен яхши бўлганимда у ҳам бундай бўлмасди” деб мулоҳаза қилиши керак. Авлиёлардан бирининг аёли инжиқ эди. У зот бунга сабр қилар, сўраганларга эса “Агар мен ундан ажрашсам, бунга сабр қила олмайдиган бир эркакка турмушга чиқса, кейин икковининг ҳам фалокатга тушишидан қўрқаман” дер эди. Улуғ зотлар (раҳматуллоҳи таоло алайҳим ажмоин) айтдиларки: “Бир киши оиласининг хархашаларига сабр қилса, олти нарса зиёндан қутулади: Фарзанд турткидан, идиш-товоқ синишдан, уй ҳайвонлари калтакдан, мушук сўкишдан, меҳмон хафа бўлишдан ва кийим йиртилишдан қутулади.” Булар “Ширъат-ул-ислом”да ёзилган.

14.         Аёлнинг жаҳли чиққанда эри сукут сақлаши керак. Шунда аёл ўз ишига пушаймон бўлиб, узр сўрашни бошлайди. Чунки у заифдир. Сукут сақлаганда мағлуб бўлади.

15.         Рафиқасининг яхшилиги кўпайиб, ҳар ишни қувона-қувона қилаётган бўлса, унга хайр дуо қилиш керак ва Аллоҳу таолога шукр қилиш лозим. Чунки ҳар даврда муносиб бир аёл катта неъматдир.

16.         Завжасига шундай муносабатда бўлиш керакки, у “Эрим мени ҳаммадан ортиқ севади” деб ўйласин.

17.         Баққол, қассоб, бозор ишларини асло унга ташлаб қўймаслик лозим. Уй ишларида унинг фикрини сўраш, кўчадаги ишларни айтиб уни ранжитмаслик лозим.

18.         Аёлининг жоҳиллик билан қилган ишлари учун ҳушёр бўлиши лозим. Чунки Одам (алайҳиссалоту вассалом) отамиз аёли Ҳавво онамизнинг сўзига кириб, янглиш иш қилди.

19.         Умр йўлдошининг гуноҳ бўлмаган камчиликларини кўрмаганга олиш лозим. Гуноҳ иш ва сўздан воз кечишини, намозда, рўзада ва ғусл олишда давомли бўлишини ширин ва мулойим сўзлар билан насиҳат қилиш керак. Қийматли либос ва ашёлар олиб беришни ваъда қилиб, ибодатларини бажартириш, гуноҳлардан воз кечтириш керак.

20.         Хотинининг айбларини, сирларини барчадан яшириш керак.

21.         Завжасига латифалар айтиб, ҳазиллашиш, у билан ўйинлар ўйнаши лозим. Аллоҳу таолонинг Ҳабиби (саллаллоҳу алайҳи васаллам) азвожи мутаҳҳарасига (покиза аёлларига) нисбатан инсонларнинг энг зарифи эдилар. Ҳатто бир сафар Оиша (родиаллоҳу анҳо) билан мусобақалашдилар. Оиша волидамиз ютди. Яна бир марта мусобақалашганларида Сарвар-и олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ютдилар. Мусулмонларнинг аёли билан ўйин ўйнаши бекорчи ва гуноҳ эмас, савобдир.

Ибни Обидин бешинчи жилд 253-саҳифасида айтадики: “Луъб, лаъиб, лаҳв ва абас, булар ҳаммаси ўйин билан вақт ўтказиш демакдир. Нарда, шахмат ўйнаш ва бутун чолғуларни чалиш ва тинглаш, рақс тушиш, майнабозлик, масхарабозлик, бошқаларни мазах қилиш, қарсак чалиш булар барчаси ўйин бўлиб, таҳриман макруҳдир. Агар бу ишлар давомли қилинса ёки фарзларни бажаришга моне бўлса ва қимор аралаштириб қилинса, иттифоқ билан билан ҳаром бўлади. Ноғора, карнай, най чалиш ва тинглаш ҳам шундай. Ҳадиси шарифда “Ҳар қандай лаҳв ҳаромдир. Фақат аёли билан ўйин ўйнаш, от ва қурол билан таълим, мусобақа қилиш жоиз” деб марҳамат қилинган. Ҳарбга тайёрланиш учун кураш ҳам жоиз.” Футбол ўйнаш қимор, оврат жойи очилиш каби турли сабаблардан ҳаром бўлмоқда.

22.         Аҳли аёлини йўл ёқасидаги, паркларга, ўйин-кулгу жойларига, спорт майдонларига, мактабларга қўшни ёки қарама-қарши жойлашган уйларда яшатмаслик керак. Завжасининг бегона эркакларни кўришига, улар билан гаплашишига сабаб бўлмаслиги лозим. Масжидга яқин ва солиҳ қўшнилар орасида яшаши лозим. [38-моддага қаранг.] Солиҳ қўшнилар уларнинг бир-бирига зулм, азият беришига моне бўлишади. Насиҳат қилишади. Ёрдам беришади. Маҳкамада ҳақли томонга гувоҳлик қилишади. Шундай яхши одамлар яшайдиган маҳаллага, шаҳарга кўчиб ўтиш, ҳижрат қилиш вожибдир. Мусулмонлар оилаларини ҳавоси тоза тоғ ёнбағри, соҳилларга, ҳаром бўлмаган, гавжум бўлмаган жойларга олиб чиқиб, сайр қилдириши керак. Дам олиш кунларида, одам кўп бўлган вақтларда чиқмаслик керак. Фисқ мажлисларига (гуноҳ ва уятсиз гап-сўз, қилиқлар қилинадиган йиғинларга) олиб бормаслик керак. Биринчи қисмда 58-модда охирига қаранг.

23.         Аёлини исломият тақиқлаган шартларда таҳсилга, вазифага, фитнага сабаб бўладиган жойларга юбормаслик керак. “Баҳжат-ул-фатаво” муаллифи (раҳматуллоҳи таоло алайҳ) айтадики: “Аёллар масжидга эркакларга берилаётган ваъзни тинглашга келсалар, масъулларнинг уларни маън этиши керак бўлади.” [Мавлуд тинглашга келишлари ҳам шундай.]

“Ҳадиқа”да бутун бадандан содир бўладиган гуноҳларнинг ўттиз иккинчисида айтиладики: Ҳур бўлган аёлнинг ёнида эри ёки абадий маҳрам бўлган эркак қариндошларидан бири бўлмасдан 104 км олисга сафарга чиқиши ҳаромдир. Ёнида аёллар кўп бўлса ҳам ҳаром. “Ё Расулуллоҳ, аёлим ҳажга кетяпти” дейилганида “Сен ҳам бирга боргин!” деб буюрдилар. “Маҳрам” дегани бу аёл билан уйланиши абадий ҳаром бўлган қон, сут ва никоҳ орқали қариндошлари деганидир. Опа-синглисининг, холасининг, аммасининг эрлари (почча ва куёв) маҳрам эмас. Чунки аёл булар билан турмуш қура олади. Биринчи қисм 58-моддага қаранг. Зиммийларнинг маҳрами ҳам мусулмон маҳрамидек бўлади. Фосиқ [ёмон одам], ишончли бўлмаган ва балоғатга етмаган кичик маҳрами билан сафарга чиқиши аёлга жоиз эмас. Балоғатга етмаган, лекин кўзга тушиб қолган қизлар ҳам аёллар кабидир. Аёлларнинг маҳрамсиз сафарга чиқишлари ҳаром эканлигини Ҳанафий олимлари иттифоқ билан бирдирганлар. Шофеъий мазҳабида ишончли бўлган аёлларнинг ўзаро тўпланиб, маҳрамсиз фақатгина ҳажга боришлари жоиздир. Ёнларида ҳеч бир бегона эркакнинг бўлмаслигига ва фитна чиқмаслигига ишонч ҳосил қилишлари керак. [Ҳанафий мазҳабида бўлган аёлларнинг Шофеъий мазҳабини тақлид қилиб, маҳрамсиз ҳажга боришлари жоиз эмас. Бир Ҳанафийнинг Шофеъий мазҳабини тақлид қилиши фақатгина бир фарзни бажараётганда ёки ҳаромдан сақланаётганида дуч келган машаққатдан қутулиши учун жоиз бўлади. Жоиз бўлган вақтда ҳам тақлид этилган мазҳабнинг барча шартларига амал қилиш керак. Яъни ҳажнинг ҳамма арконларини Шофеъий мазҳабига кўра бажаришлари лозим бўлади. Чунки бир ибодатни бажараётганда хараж бўлмасдан икки мазҳабнинг енгил томонларини аралаштириб бажариш “талфиқ” бўлади. Талфиқ қилувчи мулаффиқнинг ибодати саҳиҳ бўлмайди. Ботил бўлади.] “Ҳадиқа”дан таржима тамом бўлди.

24.         Завжасига Қуръони карим ўқишни, фарзлардан, ҳаромлардан унга керак бўлганларини ўргатиши лозим. [“Ҳақиқат китоб уйи”нинг (аҳли суннат олимларининг қаламидан чиққан) китобларидан олиб келиб, ўқишини таъминлаш лозим.] Аллоҳу таолонинг амрлари ва тақиқларини билмайдиган фосиқлар [ёмон кимсалар], аёлига ва фарзандларига ҳам ўргатмаганлар жаҳаннамда азоб чекади.

25.         Аҳли аёлининг розилигисиз манийни ундан азл (холи) қилмаслик лозим ва жинсий алоқада у роҳатланмагунича тўхтамаслиги керак. Ибни Обидин (раҳимаҳуллоҳу таоло) никоҳда қисматни баён қилаётиб айтадики: “Бир марта жимо қилиш билан аёлнинг ҳақи адо этилган бўлади. Такрорлаш диёнатан вожиб. Қадоан (ҳуқуқан) вожиб эмас. Яъни аёл бу шикоят билан қозига мурожаат қилолмайди. Такрорини талаб қилиш аёлнинг ҳам ҳаққи бўлиб, талаб қилганида эр зиммасига вожиб бўлади. Бу хусусда вақт ва сон билдирилмади.” Ифроти (ҳаддан ортиғи) баданга, тафрити (ҳаддан ками) руҳга зарар беради. Тўрт кечадан ортиқ жимосиз қолдирмаслик керак дейилди. Ҳайз ҳолида унга яқинлашиш ҳаром. Катта гуноҳ. Ҳайзи ўн кундан кейин тўхтаса, ғусл этмаса ҳам жинсий алоқа қилиш жоиз бўлади. Ўн кундан аввал тўхтаса, лекин ҳайз муддати тугаган бўлса, ғусл этганидан ёки бир намоз вақти ўтганидан кейин жоиз бўлади. Ўн кундан ва одат муддатидан аввал тўхтаса, ғусл қилса ҳам, одат кунлари тамом бўлмагунча, оиласи билан жимо қилиш жоиз бўлмайди. Лекин бу вақт ичида хотиннинг намоз ўқиши ва рўза тутиши лозим. Биринчи қисмда 54-моддага қаранг.

26.         Завжа фақат уйида эри учун безаниб, бошқаларга безанмаслиги керак. Хотини ва қизлари кўчада очиқ кезадиган эркаклар улар билан бирга жаҳаннамга тушади. Жуда қаттиқ азоб кўради.

“Ҳалабий-и кабир”да айтиладики: “Озод, ҳур аёлнинг ҳовуч ичлари, юзи ва оёқнинг тўпиқдан пастидан ташқари бутун вужуди авратдир. Чунки Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) “Аёл киши авратдир. Очиқ ҳолда кўчага чиқса, шайтон кўзларини катта очиб унга қарайди” деб марҳамат қилдилар. Оёқларига аврат деганлар ҳам бўлди. Нур сурасидаги ояти каримада маолан “Мусулмон аёллар зийнатларини кўрсатмасинлар! Иш қилаётганда зарурий очилганлари гуноҳ бўлмайди. Рўмолларини ёқаларига ўрасинлар [Бу билан сочлари, қулоқлари ва кўкраклари яхши бекитилсин] деб буюрилган. Ояти каримадаги “зийнат”, яъни безакларини бекитсин дегани зийнат тақиладиган, безатиладиган жойларингизни бекитинг деганидир. Очилиши гуноҳ бўлмаган зийнат жойлари юз ва икки кафти эканлигини Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) билдирдилар. Яна бу сурада “Аёллар оёқларини ерга уриб юрмасинларки, оёқларидаги усти ёпилган зийнатларининг овози эшитилмасин” деб буюрилди. Оёқларнинг аврат эканлиги шундан маълум бўлмоқда.” Аёлларнинг ўраниши Қуръони каримда амр этилди. Буни рашкчи эркаклар ўйлаб топган дейиш мутлақо нотўғри. Бу сўзлар дин жоҳилларининг, ҳатто дин душманларининг мусулмон аёлларни алдаш учун қилаётган бўҳтонларидир. Аллоҳу таоло Қуръони каримда ҳамма нарсани очиқча билдирмадики, дин душманларининг бу туҳматларининг бир қиймати бўлсин. Беш вақт намознинг неча ракъат эканлиги, ҳар ракъатда нечта сажданинг фарз эканлиги ва яна кўплаб фарзлар Қуръони каримда очиқча билдирилмаган. Бу фарзларни Пайғамбаримиз изоҳлаб, билдирганлар. Пайғамбаримиз билдирган фарз билан ҳаромлар ҳам Қуръони каримда очиқча билдирилган фарзлар ва ҳаромлардек қийматлидир. Буларга ишонмаган, қабул қилмаган одам диндан чиқади, кофир бўлади. Чунки Қуръони каримнинг ўн етти жойида маолан “Аллоҳни севсанглар менга тобе бўлинглар! Менга тобе бўлганларни Аллоҳу таоло севади” ва “Аллоҳга ва Расулига итоат қилинг. Итоат қилмайдиган бўлсангиз, Аллоҳ кофирларни албатта севмайди” деб буюрилган ояти карималар бор. Бу ўн етти ояти карима “Ҳадиқа”да ва “Бариқа”да батафсил ёзилган. “Мажма-ул-анҳур”даги ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) “Ҳур аёлнинг юзидан ва икки кафтидан бўлак бутун вужуди авратдир” деб марҳамат қилинган. Аврат жойи очиқ ҳолда эркакларнинг олдига чиқиш ва ўзганинг аврат жойига шаҳватсиз қараш ҳам ҳаромдир. Бегона аёлнинг юзига ҳам шаҳват билан қараш ҳаром. Ҳадиси шарифда “Аёл кишининг қаерига бўлса ҳам шаҳват билан қараган одамнинг кўзларига қиёмат куни эритилган қўрғошин қуйилади, сўнгра жаҳаннамга ташланади” дейилган. Бегона ёш жувоннинг қўлини ушлаш, юзини шаҳватсиз силаш ҳам ҳаром. Ҳадиси шарифда “Бегона ёш жувоннинг қўлини ушлаган одамнинг қўлига қиёмат куни оташ тўлдирилади” деб марҳамат қилинган. “Завожир”даги ҳадиси шарифларда “Эрининг уйидан бошқа жойда бошини очган аёл Рабби билан ўзи орасидаги пардани йиртган бўлади”, “Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонадиган одам ҳаммомга бормасин, Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонадиган одам завжасини ҳаммомга юбормасин, Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонадиган одам шароб ичмасин, Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонадиган одам шароб ичилаётган дастурхонда ўтирмасин, Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонадиган одам бегона аёл билан ёлғиз хилватда қолмасин”, “Охирзамонда умматимнинг эркакларига ҳам аврат жойларини бекитиб ҳаммомга боришлари ҳаром бўлади. Чунки у ерда аврат жойлари очиқ юрган бошқалар бўлади. Аврат жойини очганларга ва бошқасининг аврат жойига қараганларга Аллоҳ лаънат этсин!” ва “Киндик билан тизза ораси авратдир” деб огоҳлантирилган. Ҳанафий мазҳабида эркакнинг тиззаси авратдир, уни очиши ҳаром. Шофеъий мазҳабида тизза аврат эмас. Моликий ва Ханбалий мазҳабларида киндик ҳам, тизза ҳам аврат эмас. Бу икки мазҳабда фақат савъатайн (икки қўпол жинсий аъзолари) аврат. Бу ҳадиси шарифларда мусулмон аёлларнинг ўранишлари, очиқ-сочиқ юрадиганлар гавжум бўладиган жойга бормасликлари билдирилган. [Мусулмонларнинг имкон борича кўпқаватли хонадонларда яшамай, ҳовли уйларда яшаши ва уйларидаги ҳаммомларда ювинишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Мусулмон эркаклар тўпланиб, яланғочлар бўлмаган соҳилларда денгизда чўмилишлари мумкин. Ҳанафий ёки Шофеъий мазҳабида бўлган эркакнинг ғусл олиш учун ёки нафақасини, ўз ҳақини олиш учун ёхуд фитна чиқишининг олдини олиш учун қийин аҳволда қолганида нариги икки мазҳабни тақлид қилиб, тиззаларини, сонларини бекитмаслиги жоиз бўлади. Лекин қийин аҳволдан ўтганидан кейин бир дақиқага бўлса ҳам очиқ қолиши ҳаром бўлади. Аёлларнинг қийин аҳволда ҳеч бир мазҳабни тақлид қилиб, ҳеч бир жойларини очиши мумкин эмас. Чунки тўрт мазҳабда ҳам аёлларнинг барча жойларини бекитиши лозим. Аёлларни қийин аҳволга туширадиган сабаб ҳам йўқ.

“Тафсир-и Мазҳарий” муаллифи (раҳматуллоҳи таоло алайҳ) Нур сурасининг тафсирида айтадики: “Аёл фақат зарурат бўлганидагина боши, сочлари, бўйни ва бутун вужуди бекитилган ҳолатда кўчага чиқиши керак. Аёлнинг кўчага чиқиши учун зарурат, эҳтиёж моллаларини оладиган ва динини ўргатадиган яқин кишиси бўлмасликдир. Рўмоли билан юзини ҳам бекитадиган ва баданини бекитадиган ҳар шаклдаги мато билан ёпиниб, чиқиши жоиз. Бу ердаги “юзини” деган калимаси боши деганидир. Чунки юзи очиқ чиқиши тўрт мазҳабда ҳам жоиз.” Бундан маълум бўлмоқдаки, Усмоний давлатининг охирги йилларида одат бўлган паранжисимон қора чоршаф ёпиниш шарт эмас. Кенг ва тиззадан пастга тушиб турадиган кенг плащ, чопон, пайпоқ ва рўмол билан баданларини бекитишлари ҳам жоиз. 165-саҳифага қаранг. Имоми Раббоний (раҳматуллоҳи алайҳ) биринчи жилд 313-мактубида “Бутун араб мамлакатларида пироҳан, яъни қамийс, яъни антари деб аталадиган узун кўйлак киядиган эркакларнинг ҳам, аёлларнинг ҳам кўп эканлигини, аёлларнинг кўйлагининг ёқаси берк, эркак либосининг олди очиқ қамийс эканлигини” ёзган. Аҳзоб сураси аёлларнинг “жалобиб”ларидан баъзилари билан ўранишини амр этмоқда. “Жалобиб” дегани жилбоб, яъни бутун баданни бекитадиган либос деганидир. Абуссуъуд афанди тафсирида айтадики: “Жилбоб - рўмолдан катта, кўйлакдан калтароқ бўлган либосдир. Аёллар бу билан бошларини бекитишади. Юзи ва баданини бекитадиган ҳар қандай ёпинчиққа ҳам жилбоб дейилади.” Туркча “Тибён” тафсири муаллифи (раҳматуллоҳи таоло алайҳ) бунга милҳофа, яъни кўчага кийиладиган ёпинчиқ деган. “Мавокиб” тафсирида ҳам ва “Луғат-и Ножий”да ҳам жилбоб “жор, яъни фаррожа сингари кенг ва узун либос” деб таърифланганки, бу ҳозирги плащ ёхуд чопонга ўхшаш кийимга тўғри келмоқда. “Жилбоб” деган сўзни икки парчадан иборат айрим элларнинг хотинлари киядиган “қора чоршаф” деб таърифлаган ва аёлларнинг фақат шу паранжисимон қора либосни кийишлари лозим эканлигини ёзган тафсир ва фиқҳ китоблари йўқ. Ҳатто “Ҳаромдан қўлга киритилган жилбоб кийганнинг намози қабул бўлмайди” ҳадиси шарифидаги “жилбоб” сўзига “Китоб-ул-фиқҳи алал-мазоҳиб-ил арбаъа”да қамийс, яъни узун кўйлак маъноси берилган. “Мунжид”да ҳам “жилбоб”га қамийс (узун кўйлак) деб изоҳ берилган. “Жолият-ул-акдор”нинг сўнгги саҳифасида ҳам “Ё Рабби! Бизга ҳикматингнинг жалобибини кийдиргин” деган дуо бор. Ушбу ҳадиси шариф ва ушбу дуо, жилбобнинг эркаклар ҳам кия оладиган узун кўйлаксимон ёхуд чопонсимон либос эканлигига ишорат қилмоқда. Шофеъий “Ал-анвор” китобининг хошиясида айтиладики: “Аёлнинг намозда кенг, узун антари кўйлак ва рўмол билан ёпиниши, кийимининг устидан қалин жилбоб ёпиши мустаҳабдир. Жилбоб милҳофа [плащ, чопонсимон] узун, кенг антари ёпинчиқ ёки рўмол деганидир.” Ояти каримадаги “жилбоб” калимасига “қора чоршаф” деб маъно бериб, узун ва кенг чопонсимон плащ кийишни рад этиш Қуръони каримни ўз фикрига мослаб нотўғри тафсир этиш бўлади.

“Ҳозир замон шундай, замонга яраша кийиниш керак” деган сўзлар ҳам батамом бесаводлар сўзи. Бу масонлар тарқатиб ётган уйдирма ёлғонлардир. Тарихимиздан биламизки, коммунистлар мусулмонларни қийноққа солиш ва қатл қилиш орқали йўқотишга уринади. Масонлар эса, ёлғон ва ҳийлали сўзлар билан силаб-сийпаб мусулмонларни диндан чиқаради. Мазҳабсизлар [зиндиқлар] эса, ояти карима ва ҳадиси шарифларга нотўғри маънолар бериш орқали исломиятни ичкаридан бузишади.]

27.         Завжасига айтмай, унинг изнисиз сафарга, ҳатто нофила ҳажга (умра) ҳам бормаслиги лозим.

28.         Завжаси намоз ўқиса ва эрига итоат қилаётган бўлса ҳамда бегона эркакларга очиқ-сочиқ кўринмаса, иккинчи аёлга уйланмаслик керак. Чунки аёллари орасида адолат ва тенглик қила олмаганлар жаҳаннамга кетади. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилдиларки: “Икки аёли бўлиб, иккаласига тенг қарамаган киши қиёмат куни маҳшар майдонига букчайиб келади.”

29.         Рафиқасига ғамини, қийинчиликларини, душманларини ва қарзларини айтмаслик лозим.

30.         Унга ёнида бўлганида ва бўлмаган вақтларида доим хайр дуолар қилиш керак. Баддуо қилмаслик лозим. Чунки аёл кеча-кундуз эри учун хизмат қилмоқда. У уйининг назоратчиси, ошпази, тикувчиси, йўлдоши, муниси, ёри ва нигоридир.